Сўнгги вақтларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, соҳани янада такомиллаштириш, ҳайдовчи ва пиёдаларга турли қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Худди шу маънода ҳукуматимиз томонидан бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланиб, амалиётга татбиқ этилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 март куни имзоланган "Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 116-сонли қарор тизимни такомиллаштиришда муҳим қадам бўлди. Ушбу қарорга асосан, республикамиз ҳудудида 2017 йил 1 октябрдан бошлаб тегишли равишда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиришда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг, автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказишда (қайта рўйхатдан ўтказишда) автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналари берилиши йўлга қўйилади. Вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Валижон Ашуров билан шу мавзуда суҳбатлашдик.
— Ҳайдовчилик гувоҳномасига қандай ўзгартиришлар киритилди, унинг аввалгисидан фарқи, афзалликлари нимада?
— Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси 1968 йил 8 ноябрда қабул қилинган Йўл ҳаракати тўғрисидаги Вена конвенцияси тавсияларига мувофиқлигини таъминлаш, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни самарали ташкил этиш мақсадида тайёрланган бўлиб, махсус ҳимоя қатламларига эга. Унда конвенция талабларида белгиланган мажбурий маълумотлар лотин алифбосида, ўзбек тилида ёзилган. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси пластикдан тайёрланади. Гувоҳнома ўлчами 54х86 миллиметрни ташкил этади. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасида Ўзбекистон Республикасининг номи давлат тилида, рус ва инглиз тилларида ёзилган. У қалбакилаштиришдан ҳимоя қилувчи мустаҳкам ва мукаммал ҳимоя воситаларига эга.
— Маълумки, эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасида А, В, С, Д ва Е тоифалари акс эттирилган эди. Эндиликда бу тоифалар қандай кўриниш олади, гувоҳномани юритиш тартиби қандай?
— Янги нусхадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасида бунга бироз ўзгартириш киритилди. Эндиликда ҳайдовчилик гувоҳномасида А, В, С, Д, ВЕ, СЕ ва ДЕ тоифалари акс эттирилади. Бунда А-мототранспорт воситаларини бошқаришга, В — А тоифасига кирмайдиган, тўла вазни 3,5 тоннагача бўлган ва ҳайдовчи ўрнидан ташқари ўриндиғи 8 тадан ошмайдиган автомобилларни бошқаришга, С — Д тоифасига кирмайдиган, тўла вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларини бошқаришга, Д — йўловчи ташишга мўлжалланган, ҳайдовчи ўрнидан ташқари ўриндиғи 8 тадан ортиқ автомобилларни бошқаришга ва Е — тиркамали транспорт воситаларини бошқаришга рухсат берарди.
Янги нусхадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасида Е тоифаси учга бўлинди. Бунда ВЕ — А тоифасига кирмайдиган, тўла вазни 3,5 тоннагача бўлган ва ҳайдовчи ўрнидан ташқари ўриндиғи 8 тадан ошмайдиган автомобилларни тиркама билан бошқаришга, СЕ — Д тоифасига кирмайдиган, тўла вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларини тиркама билан бошқаришга, ДЕ — йўловчи ташишга мўлжалланган, ҳайдовчи ўрнидан ташқари ўриндиғи 8 тадан ортиқ автомобилларни тиркама билан бошқаришга рухсат берилишини билдиради.
— Янги нумунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси қанча муддатга берилади?
— Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг пластик шаклда тайёрланадиган янги намуналари босқичма-босқич жорий этилади.
Янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси 10 йил муддатга берилади. Ҳайдовчи ундан фойдаланганидан сўнг ҳар ўн йилда алмаштириб туриши керак. Чунки ўн йилда инсоннинг ташқи кўриниши ўзгаради. Бу эса унинг ҳужжатларини текшириш жараёнида турли тушунмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорида амалдаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштириш муддатлари ҳам белгилаб берилган. Унга кўра, миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган ҳар бир ҳайдовчи 2017 йил 1 октябрдан бошлаб 2018 йилнинг 31 декабрь кунига қадар, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига, уларнинг берилган санасидан қатъи назар, эгасининг ёзма аризасига кўра ихтиёрий равишда алмаштириб берилади.
2019 йил 1 январдан 2020 йилнинг 31 декабрига қадар эса эски намунадаги барча ҳайдовчилик гувоҳномалари, уларнинг берилган санасидан қатъи назар, мажбурий тартибда янгисига алмаштирилади. Шундан кейин, яъни 2021 йил 1 январдан бошлаб эски намунадаги барча ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас, деб топилади ва бу ҳайдовчилик гувоҳномалари билан автомототранспорт воситаларини бошқариш, ҳайдовчилик гувоҳномасиз автомототранспорт воситаларини бошқариш бўлиб ҳисобланади ва ҳайдовчига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий чора кўрилади.
— Янги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш ва ҳозирда фойдаланишда бўлганларини алмаштириш тартиби қандай?
— Ушбу янги ҳужжат 1 октябрь кунидан бошлаб ҳайдовчилар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларини тамомлаганларга назарий ва амалий имтиҳонлардан ўтганларидан сўнг берила бошланади. Шунингдек, бирор-бир сабаб билан эскирган, яроқсиз ҳолга келиб қолган ва йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талони янгисига йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларининг рўйхатга олиш ва имтиҳон бўлимларида ҳайдовчилар томонидан зарур ҳужжатлар тақдим этилганидан сўнг алмаштириб берилади. Бу ўринда шуни таъкидлаш лозимки, эски нусхадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талонини алмаштириш учун ҳайдовчилар ўқув ташкилотини тамомлаганликлари тўғрисидаги имтиҳон варақасини, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талонини, тиббий кўрик маълумотномасини, тўлов чиптасини, транспорт воситасининг қайд этиш гувоҳномасини ёки ишончномани ва шахсий паспорти, корхона ёки ташкилотларда ҳайдовчи бўлиб ишловчилар иш жойларидан маълумотномани тақдим этишлари лозим.
Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳам янгиланди. Бу гувоҳнома ҳам ўлчами 54х86 мм. пластикдан тайёрланади.
Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани янги намунадаги гувоҳномага алмаштириш ишлари 2017-2020 йиллар мобайнида босқичма-босқич амалга оширилади. Ҳайдовчилар автомототранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказишга тақдим этганларида эски намунадаги автомототранспорт воситасини қайд этиш гувоҳномалари янгисига алмаштириб берилади. Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги эски намунадаги гувоҳномалар ҳам 2021 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, янги нусхадаги пластик гувоҳномаларда автомототранспорт воситасини техник кўрикдан ўтганлигини акс эттирувчи белги қўйиладиган жой йўқ. Шуни инобатга олган ҳолда автомототранспорт воситаси техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талон ҳам жорий этилди. Техник кўрик натижаси ана шу талонда акс этади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий