Тирикчилик тошдан қаттиқ. Бироқ бу инсонни жиноятга, эгри йўлга бошлашга баҳона бўлолмайди. Одамзод ҳар қандай вазиятда ҳам ҳалол, тўғри йўлда юришга мажбур. Аммо ҳою ҳавасга берилган, меҳнатсиз енгил даромад топишни касб қилганлар ҳам орамизда йўқ эмас.
Кармана ҳамда Навбаҳор фарзандлари А. Зокиров ва Ҳ. Салимовлар (мақоладаги барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) билаги қувватга тўла айни йигитлик пайтларида эгриликни танлашди.
Шоввозлар Навоий шаҳридаги марказий деҳқон бозорида чет эл валютаси савдоси билан шуғулланиб, долларни сўмга, сўмни долларга айлантириб, тирикчилик қила бошладилар.
Кунларнинг бирида А. Зокировнинг ёнига бир аёл келиб, 35 миллион сўм пули борлигини, уни тезда долларга алмаштириши лозимлигини айтади. Мўмайгина енгил даромад ҳидини пайқаган Зокировнинг ичига ғулғула тушди. Ўзида шунча пул йўқлиги сабаб, ҳамтовоғи Салимовга доллар кераклигини билдиради, ёнидаги аёлни унинг олдига бошлаб боради. Икковлоннинг ҳам мақсади бир — сўралган миқдордаги валютага эга бўлмасалар-да, бир амаллаб аёлнинг пулини олиб қолиш. Шу куни масала ечилмади. Эртасига Ҳ. Салимовга мурожаат қилган аёл ҳеч бўлмаса 300 АҚШ доллари топиб беришини сўрайди. Шу тариқа аввал 300 доллар олиб, 1-2 кун ичида қолган маблағни ҳам олиш шарти билан пулларини ташлаб кетади.
Белгиланган кун марказий деҳқон бозоридаги озиқ-овқат дўконларининг бирида Салимов келишилган долларларни эгасига бераётганда тўсатдан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари келиб қолишади...
Жорий йилнинг июль ойида мазкур қонунбузарлик жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судида кўриб чиқилди. Унда жиноятчилар айбини тан олиб, қилмишларидан пушаймонлигини билдирди. Уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўра, энг кам ойлик иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Юқоридаги ҳолат юзасидан жиноятга қонун муқаррарлиги ўз исботини топди, бироқ "судланган", деган тамға барибир қонунбузарларнинг зиммасидан холи бўлгани йўқ. Албатта, ҳар бир ишни амалга оширишдан олдин унинг қонуний асосларини пухта ўрганиш лозим. Ўз манфаатини кўзлаб, мамлакатнинг жорий қонунларини менсимаслик ҳеч бир фуқаролик бурчига ҳам, инсонийликка ҳам мос эмас.

Комментариев нет:
Отправить комментарий