Навоий давлат педагогика институтида Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят Кенгаши томонидан "Навоий ворислари" республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Ёшлар орасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, асарлари мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса, навқирон авлод онгига чуқур сингдириш, бобокалонимиз улкан меросини том маънода халқ мулкига айлантириш мақсадида ўтказилган ушбу тадбирда Халқ депутатлари туман, шаҳар ва вилоят Кенгаши депутатлари, ҳамкор ташкилот вакиллари, партия фаоллари ҳамда ёшлар иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Навоий асарлари халқимиз учун маънавий қувват ва юксалиш манбаи эканлиги, дунё аҳли унинг асарларида тараннум этилган олижаноб ғоялар ва фалсафий мушоҳадалардан завқ олаётганлигини таъкидлашди.
Иштирокчилар энг кўп ғазал ёд олиш, уни хатосиз ва ифодали ўқиш, ғазал матнининг насрий баёнини ярата олиш, матндаги тушуниш қийин бўлган сўзларни изоҳлаб бера олиш бўйича ўзаро беллашишди.
Фахрли биринчи ўринни Навбаҳор туманидаги 34-умумтаълим мактаби ўқувчиси Маржона Нодирқулова қўлга киритди ва республика босқичига йўлланма олди.
Танловнинг ғолиб ва совриндорлари ЎзМТДП вилоят Кенгаши томонидан диплом, эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Комментариев нет:
Отправить комментарий