Бугунги кунда мамлакатимизда муҳтарам Юртбошимиз Ш. Мирзиёев ташаббуси билан оламшумул ўзгаришлар, тарихий воқеликлар изчил амалга оширилмоқда. "Инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун" эзгу ғоясини ўзида мужассам этган оқилона сиёсат одамларимизни рози қилишга кенг имкониятлар яратмоқда. Шуниси қувончлики, олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли халқимиз турмуш тарзи, дунёқараши тубдан ўзгармоқда.
Айниқса, муҳтарам Президентимиз томонидан ҳар бир йўналишлар бўйича нима иш қилмоқ кераклиги юзасидан қабул қилаётган тарихий фармон ва қарорлари, кўрсатмалари соҳалар истиқболини аниқ белгилаб олишга муносиб хизмат қилмоқда.
Хусусан, Юртбошимизнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилиши юқоридаги фикрларимизнинг амалий тасдиғидир.
Дарҳақиқат, мазкур тадбирда белгилаб берилган устувор вазифалар ва унинг ижроси барча мутасаддилар қаторида биз прокуратура ходимлари зиммасига ҳам улкан масъулият юклади.
Негаки, депутатлик дегани, бу мансаб ёки мартаба эмас, балки халқ ишончи, халқ номидан иш олиб борувчи вакил, демакдир. Шу сабабли ҳам инсон манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш, халқнинг дардига қулоқ солиш, оғирини енгил қилиш депутатларнинг вазифасидир.
Минг афсуски, прокуратура органлари томонидан ўтказилаётган сайёр қабуллар, учрашувлар ва тадбирларда баъзи маҳаллий депутатларимиз ўз ваколатларини тўлақонли бажармаётганлиги, ўз сайловчилари манфаатлари йўлида самарали иш олиб бормаётганлиги, ҳаттоки, баъзи сайловчилар ўз депутатларининг кимлигини билмаслиги ҳолатлари кузатилаётгани ачинарли ҳолдир. Бу каби нуқсонлар шаҳар ва туманлар депутатлари фаолиятида кўпроқ кўзга ташланаётгани ачинарли ҳолдир, албатта.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Юртбошимиз таъкидлаганидек, ҳақиқатда, аксарият ҳудудий партия ташкилотлари аъзолик бадалларидан келган тушумлар, ўтказилган тадбирлар ва ундаги иштирокчилар сони каби рақамлар ортидан қувиш кайфиятидаги ҳисоботларга боғланиб қолган. Партиянинг асосий ишлари эса ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Партия ташкилотлари ҳудуддаги муаммоларни бартараф этишга доир аниқ таҳлилларга асосланган иш режаларига эга эмас. Ана шунинг натижасида сиёсий партиялар тегишли кенгашларга ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларни киритиш юзасидан ташаббускорлик кўрсата олмаяпти, назаримизда.
Маълумки, Президентимиз раҳбарлигида бўлиб ўтган таҳлилий-танқидий руҳдаги видеоселекторда бу фикрлар тегишли фактлар асосида асослаб берилди. Демакки, энди депутатларимиз уйғониши кераклиги, ўз сайловчилари олдидаги мажбурият ва дахлдорлик ҳиссини тўғри англаши муҳимлиги, доим сайловчилар дарду ташвишлари билан яшаши ва уларни ташвишлантираётган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш фурсати етди.
Ҳаётий таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, маҳаллий депутатларимизда фаоллик, фидойилик ва ташаббускорлик фазилатлари ўрнига боқибеғамлик, ўзибўларчилик ва бефарқлик кайфиятида эканлиги кишини ўйлантиради. Шу ўринда, депутатларимиз халқ орасига кириб бормасдан, муаммоларига эътиборсиз қараётганлиги, ҳудуд ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этмаётгани ҳам бор ҳақиқат.
Шуни унутмаслик керакки, муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида бугунги кун сиёсати тубдан ўзгарди, жамиятдаги ҳар бир шахсга ваколатига қараб қаттиқ талаблар қўйилмоқда. Албатта, бу талабларни депутатлар чуқур идрок этиши ва уларга "лаббай", деб жавоб бериш лозим.
Хусусан, бу борада вилоятимизда олиб борилган ишлар суст эканлиги халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияларида ҳам қайд этилди. Жумладан, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳамда сиёсий партиялар ўртасида ўзаро алоқа мавжуд эмаслиги, депутатларнинг шахсий йиғма жилдлари талаблар даражасида юритилмаётганлиги, баъзи туманлар сессияларида мутасадди раҳбар ходимлар эшитувлари самарали йўлга қўйилмаганлиги, депутатлар ҳудудларни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш дастурлари бажарилишида қатнашмаётганлиги, айниқса, депутатлик сўровларига жавоб берилмаётганлиги, оммавий ахборот воситаларига чиқишлар камлиги яққол кўзга ташланмоқда.
Шу ўринда, Юртбошимиз, депутатга беписандлик — халққа беписандлик деб баҳоланиши шарт. Халқни ҳурмат қилмаган, депутатлик ваколатини амалга оширишга тўсқинлик қилган ҳар қандай мансабдор шахс қонун олдида жавоб беради, дея таъкидлагани барча депутатларимиз эркин фаолият олиб боришига кенг йўл очди.
Мазкур видеоселекторда юқоридаги ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикасининг амалдаги бир қатор қонунчилик ҳужжатларига, шу жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш ташаббуси муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Айниқса, Юртбошимиз депутат сўрови — бу халқ сўрови, деб баҳолаб, бунга беписанд қараш жавобгарлик экани, шу сабабдан мансабдор шахслар масъулияти ва мажбуриятини янада оширишга қаратилган ишлар кўламини кучайтириш муҳимлиги, депутатлар сўрови бўйича олинган жавобларни Интернетдаги расмий веб-сайтларда кенг жамоатчилик учун эълон қилишни ташкил этиш лозимлиги ва бошқа муҳим таклифлар, ишонамизки, келгусида фаолиятни тубдан ўзгартиришга, янгича ёндашувга мустаҳкам замин яратади.
Мухтасар айтганда, у депутат бўладими, раҳбар бўладими, эл дарди билан яшаш, одамларга кўмак бериш вақти етди. Бунда лоқайд бўлишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ.

Комментариев нет:
Отправить комментарий