Э. Акрамов олий маълумотли бўлганлиги, ташкилотчилиги ва эпчиллиги учун ўзи ишлайдиган "Навоийазот" акциядорлик жамияти ишчи-хизматчилари орасида дарров танилди. Қолаверса, берилган топшириқларни ўз вақтида бажариб, бошлиқлар нима деса, дарҳол "лаббай", деб қўли олти, оёғи етти бўлиб, хизматга шайлиги эса уни "кўтарилиши"га туртки бўлди. 2014 йилда уни акциядорлик жамиятининг 36-цехи бошлиғи этиб тайинлашганида эса хурсандлигидан юраги ҳапқириб кетди. Зудликда цехга тегишли товар-моддий бойликлар, асосий воситалар қандай ва қаерда сақланаётгани билан қизиқди.
Қарасаки, анча-мунча пул бўладиган товарлар чанг босиб ётибди. Уларни пулласа, ишлари бунданам "беш" бўлиб кетишини кўз олдига келтирди. Орадан кўп ўтмай, шу цехда бошлиқ бўлиб ишлаган И. Алишеров, цех муҳандиси Т. Йўлдошев, энергетик Ш. Диёров ва бошқаларнинг "оғзини ҳидлади".
Режалаштираётган ишининг қонуний бўлиши учун қандай ҳужжатлар расмийлаштириш кераклигини бир бошдан ёзиб чиқди. Хуллас, ҳамма ишларни пишитиб, ишга киришди.
Цех омборхонасида сақланаётган, баҳоси 800 минг сўмлик 1 дона В1 маркали ва баҳоси 5 миллион 720 минг сўмлик 2 дона 4А160МА2 маркали электрдвигателларини шахсий манфаатлари йўлида талон-тарож қилиб юборди. Бу қинғирликларини яшириш учун эса 2015 йилнинг 1 октябрида жамиятнинг 36-цехи бўйича ўтказилган йиллик инвентаризация актига ушбу двигателлар аллақачон ўз эгасини топиб кетган бўлишига қарамай, шу ерда мавжудлиги тўғрисида сохта маълумотлар киритди. Бунга эса комиссия аъзолари ҳам негадир индамай имзо чекиб юборган.
Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади, деганларидек, унга бу қилмиши қимматга тушди.
Ўтказилган текширишлар жараёнида унинг қилмишлари фош этилди. Судда берган кўрсатмасида ўзи ишлайдиган жамият мулкига хиёнат қилган Э. Акрамов жиноятидан пушаймонлигини билдирди.
Лекин қонун барчага баробар. Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди уни ЖКнинг 167-моддаси 2-қисмининг "г" банди ва 209-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топди ҳамда ойлик иш ҳақининг ўн беш фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ҳамда 1 йил 6 ой давомида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ ишларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий